Биз ҳақимизда

фото института

ЎзР ФА УМУМИЙ ВА НООРГАНИК КИМЁ ИНСТИТУТИ

Ташкил қилинган йил: 1933 й.

Реквизитлари:

манзил: Ўзбекистон, 100170.  Тошкент ш., Мирзо Улуғбек кўчаси, 77 а,

тел.: +(998-71)-262-56-60, факс: +(998-71)-262-79-90; e-mail: ionxanruz@mail.ru.

web-сайт: www.ionx.uz

 Директор: кимё фанлари доктори  Закиров Бахтиёр Сабирджанович

Ходимлар таркиби: академиклар — 3, фан докторлари — 15, фан номзодлари — 37.

Асосий  илмий  йўналишлари:

     —       Ўзбекистоннинг ёқилғи-минерал хом-ашёсини комплекс қайта ишлашнинг инновацион технологияларини илмий-амалий асосларини ишлаб чиқиш;

—       янги бирикмаларни синтез қилиш соҳасида ва уларнинг таркиби, тузилиши, хусусиятлари қонуниятларини аниқлаш;

—   Ўзбекистон янги нефт конлари нефтларини чуқур қайта ишлашнинг самарали технологияларни яратиш;  металлургия чиқиндиларини қайта ишлаш, ноёб ва рангли металлар ишлаб чиқаришда долзарб импорт ўрнини босадиган технологияларни ишлаб чиқишга ва янги реагентлар ва оловга чидамли материалларни яратиш;

—    янги самарали минерал ва органик минерал ўғитлар, дефолиантлар, ўсимликлар ўсиши ва ривожланишини жадаллаштирувчи моддаларнинг синтези ва технологиясининг илмий асосларини ишлаб чиқиш.

Институтда шаклланган ва фаолият кўрсатаётган илмий мактаблар

Институтда ноорганик кимё, дефолиантлар, ўғитлар кимёвий технологияси ва кимёвий асослари йўналиши бўйича таниқли илмий мактаб шаклланди, мазкур мактабнинг вакилларидан     —    академик Беглов Б.М. ва  Тухтаев С.Т., профессорлар — Закиров Б.С., Намазов Ш.С.,  фан докторлари —  Кучаров Х.,  ва бошқалар.  Институтда коллоид кимё ва коллоид кимёси жараёнлари йўналишлари бўйича илмий мактаб яратилди ва у ривожланиб бормоқда. Уларнинг вакилларидан —   Ахмедов У.К. ва бошқалар. Кимёвий технология жараёнлари ва қурилмалари, жумладан газларни тозалаш, нефт махсулотларни қайта ишлаш  йўналиши бўйича илмий мактаб яратилди ва ривожланиб бормоқда.

 

 Фундаментал тадқиқотларнинг мухим натижалари:

Табиий газни қуритиш ва тозалаш пайтида амалга ошадиган каталитик жараён учун ноёб юқори вакуум қурилмасида фундаментал илмий натижалар олинди ва янги илмий йўналиш – адсорбцион-энергетик стехиометрия яратилди.

Дисперс системаларнинг илмий асосларини ўрганиш орқали янги материалларни олиш, коллоид-кимё жараёнларини бошқариш, полиэлектролитлар ва сирт-фаол моддалар, флокулянтлар соҳасида таркиб тузилиш қонуниятлари аниқланилди.

Ноорганик бирикмалар d-ўтиш металлар кристалл кимёси соҳасидаги фундаментал тадқиқотлар асосида биологик фаол моддаларнинг синтези ва таркиб-структура қонуниятлари аниқлаб берилди.

Самарали минерал ўғитлар, дефолиантлар, стимуляторлар ишлаб чиқаришнинг илмий асослари яратилди.

Цеолит устида олиб борилган тадқиқотларни сорбцион жараёнларда, табиий газларни тозалашда, адсорбция жараёнида янги концепцияларни очиш ва қонунларини аниклашда, адсорбция изотермасини назарий тенгламаларини яратиш,  адсорбция механизми учун энергетик, кинетик ва молекуляр-структура мезонларини ўрганиш ва  янги, юқори самарали адсорбент олиш ва нефт, нефт махсулотлари ва ёғларнинг сифатини оширишга ҳизмат қилади.

Биринчи маротаба турли навлардаги Марказий Қизилқум фосфор кислотали бўтқаларини парчалаш бўйича бўтқа-фосфорит нисбатларини жараённинг вақтига боғликлигини ўрганиш мақсадида изланишлар ўтказилди.

Маҳаллий хом ашё (“Нитрон” толасини ишлаб-чиқиш чиқиндиси, карбоксиметилцеллюлоза) ва турли ангрен кўмирининг  дисперс композициялари асосида  янги флокулянт ва адсорбентлар олинди.

 Амалий ишланмалар.

 Янги саноат технологияларини ишлаб чиқариш ва ривожлантириш соҳасида:

    —  қуюқ нефтлар ва нефт маҳсулотларини оптимал суюқлаштирувчи моддалар олиш технологияси ишлаб чиқилди, зичловчи мойлаш материаллари учун асосий мой ва қўндирмалар олинди;

—  газ конденсатдан лок-буёқ материаллари олишда қўлланадиган эритувчилар, шунингдек,  кунжарадан ўсимлик ёғини  экстракция қилиш учун эритувчилар олиш технологияси яратилди;

— сирт-фаол моддалар, эмулгаторлар, эмулсияли ва қуюқ битумлар, эмульсияли сурқов ва елим материалларни маҳаллий хом ашёдан ва саноат чиқиндилар асосида  олиш технологиялари яратилди;

—  хавони таркибида ёғи бор толадан намли тозалашнинг самарали қурилмаси ишлаб чиқилди ва чигитни минерал ва органик  қўшимчалардан тозалаш технологияси яратилди;

— юқори қовушқоқликдаги нефтларни аралаштиришнинг самарали усули, нефтнинг қолдиқлари ва нефтни қайта ишлаш қўшимча маҳсулотларидан мотор ёқилғилари, сурқов мойлари ва эритувчилар ишлаб чиқариш учун никел ва  молибден бирикмалари асосида кўп мақсадли полифункционал катализаторлар  олиш ва қўллаш технологияси ишлаб чиқилди;

— полиметалли металлургия хом ашёсини қайта ишлаш технологиясининг илмий асослари яратилди. Темир купоросини – металл таркибли чиқиндидан, хром оксидини – ишлатиб бўлинган хром таркибли эритмадан ва сульфат алюминийни – кимёвий захарланган алюминий тутувчи чиқиндилардан олиш йўллари кўрсатилди;

—  гидротермал ва нефт сувлардан сорбцион ва десорбцион усулда йод ва унинг бирикмаларини олиш технологияси яратилди;

—   цемент олиш технологияси, шунингдек, иссиқликни сақловчи материаллар олиш учун ғовакли вермикулит, юқори ҳароратга чидовчи материаллар учун талькмагнезит маъданларини бойитиш асосида магнезит концентрацияларини олиш ва керамика, резина, лоқ бўёқ, кабель саноатларида қўлланилиши учун тальк концентрациялари олиниш жараёнлари ишлаб чиқилган;

—  турли сорбентлар олинди ва шўр тупроқнинг мустаҳкамлашнинг самарали усуллари яратилди;

  • маҳаллий хом аше ва ишлаб чиқариш чиқиндилари асосида стабилизаторлар,    флокулянтлар, адсорбентлар, турли табиий ва техник дисперс пластификаторлар сифатида ишлатиш учун  қатор янги сирт-фаол моддалар ва полиэлектролитлар олинди;
  • нефт махсулотларини сиғимларда сақлашда буғланишдан йўқотилишини камайтириш ва тўсатдан содир бўладиган ёнғинни ўчириш учун модификацияланган сузувчи понтон яратилган;
  • республикадаги цемент корхоналарини «хўл» усулдан «қуруқ» усулга цемент ишлаб чиқаришга ўтказиш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқилган;
  • Na-КМЦ синтези жараёнида маълум миқдорда модификатор ПАА қўшиш йўли билан РС-1 деб белгиланган янги юқори самарали флокулянт олинди. РС-1 флокулянти Олмалиқ тоғ-металлургия комбинатининг Мис бойитиш фабрикасида мис концентратларини қуюлтириш жараёнида саноат синовидан ўтган;
  • Ангрен кўмири асосида юқори самарали кўмир адсорбентлари олинган. Ушбу адсорбентлар Олмалиқ тоғ-металлургия комбинатининг «Каульды» маъдан оқава сувларини юмшатиш (13,9 дан 8,1 мг.экв/л гача) ва сувдаги натрий, кальций ионларидан, хлорат и сульфатлардан ПДК нормасигача тозаланиши аниқланган хамда сув таркибидаги мис ионларини ажратиб олиниши исботланган. Олинган адсорбентларнинг мис ионларига нисбатан сорбцион сиғими 77-90 мг/г ташкил этиб, четдан (Россиядан) келтиралидиган сульфоуголь сорбцион сиғимидан бирмунча юқори  (60-75 мг/г);
  • мисни рафинациялаш жараёнида ишлатиладиган, четдан олинадиган СМС “Айна” ўрнини босаоладиган янги ИД препарати олинди ва ушбу препарат ёрдамида дендрит хосил бўлиш ингибитори сифатида электролит таркибидаги мисни рафинациялаш усули ишлаб чиқилди;
  • дизел ёқилғиси таркибидан ароматик углеводларни ажратиб олишнинг адсорбцион ва уларни моно-, би- ва полициклик структураларга фракциялаш усуллари ишлаб чиқилди. Дизел ёқилғиси сифатини яхшилаш учун нефтни қайта ишлаш ва ёғ-мой (пахта соапсток) саноатларининг қўшимча маҳсулотлари асосида қўндирмалар танлаб олинган: барийли қўндирмалар билан дистилланган ёғли кислоталарнинг 5 % гача бўлган қўшимчаси дизел ёқилғисининг сурковчанлик хусусиятини яхшилайди, емирилиш доғининг диаметри 460 мкм дан кам ўлчамни ташкил қилади;

—   Ангрен ва Янги-Ангрен ИЭС кул чикиндиларидан механик фаоллантириш усулини қўллаб ва қўлламасдан қўшимчали цемент, куйдирмасдан ғишт ва енгил бетон маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг самарали усуллари ишлаб чиқилган. Таркибида 20 дан 30% гача фаоллаштирилган кул чиқиндилар бўлган, гидравлик фаоллиги цементнинг 400 ва ундан юқори  маркасига тўғри келадиган кулцемент боғловчи композициялар олиш имкониятлари кўрсатилган. Механик фаоллаштирилган кул чиқиндилардан фойдаланиб, қуруқ қурилиш аралашмалари, маркаси 150 ва ундан юқори куйдирмасдан ғишт   хамда  Д500-Д900 маркали автоклавланмайдиган ғовакли бетон олишнинг аниқ имкониятлари ўрнатилган. Таркиби кул чиқиндили қўшимчали цементларни тажриба-саноат партияларини ишлаб чиқариш бўйича саноат синовлари «Кизилкумцемент»  шароитида олиб борилган.

Қишлоқ хўжалик соҳаси учун яратилган препаратлар:

     — юқори карбонатли Қизилқум фосфоритларидан оддий суперфосфат олишнинг самарали технологияси ишлаб чиқилди;

—  таркибида фосфор, кальций, азот, олтингугурт ушлаган ўғитлар, шунингдек, махаллий ўғитни Қизилқум фосфоритларининг минерал массаси билан компостланган органик минерал ўғитларнинг янги мураккаб турлари олинди;

— Марказий Қизилқум фосфоритларидан юқори самарали нитрокальцийфосфат ўғити олишнинг самарали технологияси ишлаб чиқилди;

— «Хосил» номли пахта ва буғдой хосилдорлигини оширадиган жадаллаштирувчи препарат ишлаб чиқарилди;

—   Қатор янги самарадор дефолиантлар олишнинг физик кимёвий ва технологик асослари ишлаб чиқилди;

—  янги, юқори самарали «Сихат», «Мезон» ва универсал комплекс таъсир этувчи дефолиантлар — «Нажот», «Сардор», «Садаф», «Супер-ХМД-ж» ва «УзДЕФ» ишлаб чиқарилди.

Юқори карбонатли Қизилқум фосфоритлари асосида афзаллиги катта энергия талаб қилувчи ва узоқ давом этадиган босқичларнинг қисқаришини таъминловчи  оддий суперфосфат олишнинг жадаллашган технологияси ишлаб чиқилди. Технологиянинг кескин соддаланиши, жараёнларнинг жадалланиши, иссиқлик ва энергия сарфини тежалиши ҳисобига оддий суперфосфат таннархи 25-30 % га камаяди. Ушбу технология  Навоий “Электркимёзавод” ЁАЖ-ҚК сида муваффақиятли амалиётга жорий қилинди.

Жаҳон амалиётида биринчи марта бойитилмаган Қизилқум фосфоритлари  асосида нитрокальцийфосфат ўғити (нитрофос) ишлаб чиқариш технологияси яратилди ва бу технология  «Самарқандкимё» ОАЖда мувафаққиятли тадбиқ этилди ҳамда    нитрофос ўғити ишлаб чиқарилди  ва ўғит экспорт қилинди.

Олмалиқ «Аммофос-Максам» ОАЖ билан биргаликда Марказий Қизилқум фосфоритлари асосида янги турдаги комплекс ўғитлар: азот-фосфор-олтингугурт кальций тутган «Супрефос» деб номланган ва аммоний сульфатфосфат ўғитлар ишлаб чиқаришнинг самарадор технологиялари яратилди ва саноатга тадбиқ этилди.  Олмалиқ «Аммофо-Максам» ОАЖда  Супрефос ва   аммонийсульфатфосфат ўғити ишлаб чиқарилди. Супрефос ўғитини ишлаб чиқариш натижасида фосфогипс чиқиндисини ҳосил бўлиши  камайди ва  100%-ли Р2О5нинг чиқинди билан исроф бўлиши бартараф этилди. Чет элга   Супрефос ва    аммонийсульфатфосфат экспорт қилинди.

«Навоийазот» ОАЖи билан ҳамкорликда амалиётда муҳим бўлган термик барқарорлашган аммиакли селитра ишлаб чиқариш технологияси яратилди. Бундай турдаги аммиакли селитра ишлаб чиқаришнинг негизи шундан иборатки, тайёр ҳолида ўғит таркибида 25,20–30,75% – N ва 2–5% – Р2О5 бўлгунга қадар аммиакли селитра суюқланмасига юқори карбонатли Қизилқум фосфорити қўшилади. Ишлаб чиқилган бу технология «Навоийазот» ОАЖда тадбиқ этилди ва  азотфосфор ўғити (АФЎ) ишлаб чиқарилди ва  чет мамлакатларга экспорт қилинди.

“Фарғонаазот” АЖ мутахассислари билан ҳамкорликда аммонийли селитра доналари юзасини аммоний сульфатнинг тўйинган эритмаси иштирокида Марказий Қизилқум фосфорит уни билан қайта ишлаб “САФУ” номли мураккаб азот-фосфорли ўғит ишлаб чиқариш технологияси яратилди. “САФУ” ўғити ишлаб чиқарилди ва республиканинг фермер ва деҳқон хўжаликларига етказиб берилди.

“Фарғонаазот” АЖда институтнинг етакчи мутахасислари томонидан тавсия қилинган, мавжуд хлорат магний дефолиантидан юмшоқроқ таъсир этувчи, самарали ва рақобатдош “Супер ХМД-с” дефолиантинг  ишлаб чиқарилиши бошланди.  5 млн. гектардан зиёд майдонларда пахта дефолиациясида муваффақиятли қўлланган “Супер ХМД-с” дефолианти  ишлаб чиқарилди. Ҳар бир гектар пахта майдонига “Супер ХМД-с” дефолиантидан 6,5-7,0 л миқдорида ишлатиш натижасида ҳосилдорликни гектаридан 1,5-2,5 центнергача ошишини таъминлайди.

Юмшоқ таъсир этувчи самарали “ЎзДеф” дефолианти яратилди ва “Фарғонаазот” АЖда ишлаб чиқариш йўлга қўйилди ва  “ЎзДеф” дефолианти ишлаб чиқарилди.

Республиканинг қарийб 85% майдондаги пахта даласи институтда яратилган дефолиантлар билан ишлов берилди.

Институтда систематик изланишлар натижасида юқори самарали ўсимликларни ўстирувчи ва ривожлантирувчи кўп қиррали таъсирга эга “Хосил” стимулятори синтез қилинди. “Хосил” препарати  институтнинг тажриба-саноат дастгоҳида  ишлаб чиқарилди. “Хосил” стимуляторини кўп йиллар давомида қўлланиши пахта ва буғдойнинг ҳосилдорлигини энг камида 3-6 центнергача ошганлигини кўрсатди.

Институт томонидан Бухоро НҚИЗ билан биргаликда, МДҲ мамлакатлари ичида илк бор, Боинг, Аэробус ва бошқа ҳаво кемалари учун маҳаллий углеводородли хом ашёлар нефть ва газ конденсати асосида юқори сифатли “Джет А-1” авиация ёнилғисини олишнинг замонавий технологияси ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди. Ушбу ёнилғининг сифат кўрсатгичлари ҳалқаро талабларга тўла жавоб беради.  “Джет А-1” ёнилғиси ишлаб чиқилди ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК томонидан чет эл ҳаво кемаларига сотилди.

Институт технологик корпусида нефт махсулотларини сиғимларда сақлашда енгил углевородларни буғланишдан йўқотилишини камайтириш ва тўсатдан содир бўладиган ёнғинни ўчириш учун сузувчи понтон ишлаб чиқариши ташкил этилди. Сузувчи понтон 2 та вазифани бажаради: 1) углевородларни буғланишдан йўқотилишини камайтириш ва 2) сиғим ичида углевородларнинг тўсатдан алангаланишидан содир бўладиган ёнғин ўчоғига кўпик сочиш орқали уни ўчириш. “Ўзбекнефтегаз” МХК корхоналарининг сузувчи понтон ишлаб чиқариш бўйича буюртмалари бажарилди ва  ва  сузувчи понтонлар ишлаб чиқарди.

Илмий  изланишларининг  устуворлиги ва ривожлантириш истиқболллари

Институтнинг асосий вазифалари куйидагидан иборат:

  • илмий-техник лойиҳаларнинг якуни бўйича олинган натижаларни аниқ жойда тадбиқ этиш мақсадида инновацион лойиҳалар тайёрлаш;
  • хорижий грант олиш ва инвестициялар жалб этиш мақсадида  халқаро жамғармалар танловида фаол қатнашиш;
  • ёш олимлар сафидан фан докторлари тайёрлаш ишларини жадаллаштириш;
  • институтга магистрларни жалб этиш мақсадида ОЎЮ билан алоқани мустаҳкамлаш.

Хўжалик шартномалардан тушаётган маблағлар хажмини ошириш, маблағлар тушумини жадаллаштириш, жумладан,  халқаро грантлар орқали институтни замонавий асбоб ва ускуналар билан жихозлаш мўлжалланган.

Илмий тадқиқот йўналиши ва мавзуси Ўзбекистон Фанлар академияси 2025 йилигача тасдиқланган устувор илмий йўналиши ривожи Концепцияси доирасида амалга оширилади. Бунда асосий эътибор қуйидаги йўналишларга берилади:

  • жахон фани ютуқлари йўналишидаги фундаментал тадқиқотлар;
  • республиканинг ишлаб турган корхона ва хўжалик юритувчи субъектларининг фан ва техника соҳасида устувор йўналишларини эътиборга олувчи  амалий  тадқиқотлари;
  • жаҳон бозорида рақобатбардош, экспортга мўлжалланган,  ресурстежамкор,  юқори самарали, юқори  илмий технологияга эга бўлган амалий тадқиқотлар натижалари бўйича инновацион ишланмалар;